Спорт вазири анъанавий йога фестивалида иштирок этди
Бугун, 21 июн пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек номидаги марказий хиёбонда 21 июн — Халқаро йога куни муносабати билан анъанавий йога фестивали бўлиб ўтди.
Фестивалнинг очилиш маросимида Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним, турли ташкилот ва корхоналарнинг ходимлари, йога марказлари аъзолари, ўқувчи ёшлар, маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонлар фаол иштирок этди.
Йилдан-йилга анъанавий тус олаётган ушбу фестиваль мамлакатимизда 2019 йилдан буён мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Йогага қизиқувчилар сони ортиб, ушбу тур соғлом турмуш тарзига қаратилган ҳаракат сифатида кенг тарқалмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил 25–27 апрел кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида йога бўйича иккинчи Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик спортчилар турли йўналишларда иштирок этиб, жами 26 та медалга сазовор бўлишди.