Спорт вазири Адҳам Икрамов WADA вакиллари билан учрашув ўтказди
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) вакиллари Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Кеча WADA вакиллари Ўзбекистонда антидопинг соҳасидаги қонунчиликнинг амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш мақсадида Ҳукумат вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Бугун WАДА департамент директори ўринбосари Э.Симонелли, Осиё-Океания минтақаси вакили С.Перумалл, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Садиков ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот жараёнида Спорт вазири мамлакатимизда барча соҳалар қатори спорт ва антидопинг йўналишлари ҳам жадал ривожланиб бораётгани, ушбу йўналишга ҳукумат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, WADA вакиллари ўзбекистонлик спортчилар сўнги йилларда халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиб, жаҳон спорт майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётганини қайд этди. Шунингдек, допингга қарши курашиш соҳасида ҳам сезиларли ўсиш кузатилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув доирасида допингга қарши кураш бўйича қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.