Соҳил волейболи бўйича семинар бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон волейбол федерациясининг Юнусобод соҳил волейбол базасида 2026-йил 16–19-март кунлари соҳил волейболи бўйича ҳакамлар ва тренерлар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Мазкур семинарда республикамизнинг 14 та ҳудудидан жами 56 нафар тренер иштирок этмоқда. Ҳар бир ҳудуддан 4 нафардан мутахассис жалб қилинган бўлиб, улар ўз билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий ёндашувларни ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда.
Семинар давомида иштирокчиларга соҳил волейболининг техник-тактик жиҳатлари, ҳакамлик қоидалари ҳамда халқаро тажрибалар асосида амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган. Семинар FIVB инструктори Шайлен Дев Рамду ва Ўзбекистон волейбол федерацияси Бош котиби Фарход Алимов томонидан ўтилмоқда.
Ушбу семинар мамлакатимизда соҳил волейболини ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда спорт сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.