Сирдарёда “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” мусобақасининг минтақавий босқичи қизғин давом этмоқда
Гулистон тумани спорт мактабида Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакат бўйлаб оммавий тарзда ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” мусобақасининг таэквондо WT йўналиши бўйича минтақавий босқич беллашувлари бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимида Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Данияров, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Сирдарё вилояти бўлими ижрочи директори Баҳодурхўжа Эшонов, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясининг ҳудудлар билан ишлаш бўйича масъули Ҳусниддин Хўжамқулов ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари, ёш спортчилар ва мураббийлар иштирок этди.
Беллашувларда Сайхунобод, Сирдарё, Гулистон туманлари ва Гулистон шаҳридан келган спорт мактаблари ҳамда спорт клублари таркибидаги ёшлар 10 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва махсус спорт либослари билан тақдирланди ҳамда “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” мусобақасининг вилоят босқичига йўлланмага эга бўлди.