Сирдарё вилояти масъуллари ҳамда Осиё белбоғли кураш Конфедерацияси Президенти иштирокида муҳим учрашув бўлиб ўтди
Сирдарё вилояти масъуллари ҳамда Осиё белбоғли кураш Конфедерацияси Президенти иштирокида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Бугун Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлобердиев, Осиё белбоғли кураш Конфедерацияси Президенти Муратов Муминхўжа Манапович, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси президенти Дастиров Равшан Худойберганович ҳамда тегишли спорт соҳаси масъуллари иштирок этди.
Учрашув давомида Сирдарё вилоятида белбоғли кураш спорт турини янада ривожлантириш, ушбу спорт турининг оммавийлигини ошириш ҳамда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, вилоятдаги туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган спорт мактабларида белбоғли кураш секцияларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда машғулотлар сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мураббийлар малакасини ошириш, уларнинг халқаро ўқув-йиғинлари ва семинарларида иштирокини таъминлаш, хорижий тажрибага эга мутахассисларни вилоятга жалб этиш орқали замонавий машғулот услубларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу орқали спортчилар тайёргарлиги сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.
Учрашувда жорий йилда Гулистон шаҳрида 20 дан ортиқ давлат спортчилари иштирокида белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш режаси ҳам муҳим ташаббус сифатида илгари сурилди. Мазкур мусобақанинг юқори савияда ташкил этилиши нафақат вилоят, балки республика спорт нуфузини халқаро миқёсда янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, учрашув давомида Сирдарё вилояти ва Осиё белбоғли кураш Конфедерацияси ўртасида ҳар томонлама ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар спорт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳалар ва мусобақаларни ташкил этиш бўйича ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.
Якунда келгусида белбоғли кураш спорт турини янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва юқори натижаларга эришиш йўлида ҳамкорликда изчил иш олиб бориш бўйича муҳим келишувларга эришилди.