Синдаров жаҳон чемпионатида учинчи куннинг энг яхши шахматчиси деб эътироф этилди
Жаҳон шахмат ишқибозларининг эътибори ҳозирги кунларда Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтаётган жамоавий Жаҳон чемпионатига қаратилган. Мусобақа рапид ва блиц йўналишларида ташкил этилмоқда.
14 июн куни (учинчи кун) рапид баҳслари ўз ниҳоясига етди. Ўзбекистон терма жамоаси 17 очко тўплаб, қўшимча кўрсаткичларга кўра 55 жамоа орасида 4-ўринни эгаллади. Кучли учликни якунлаган жамоа ҳам шунча очко жамғаргани биз учун бир оз аламли бўлди.
Шу билан бирга, қувонарли натижалар ҳам қайд этилди. Иккинчи тахтада барча учрашувларда мағлубиятсиз ўйнаган Жавоҳир Синдаров шахсий ҳисобда олтин медалга сазовор бўлди. У 14 июн кунининг — яъни рапид мусобақасининг сўнгги кунининг — энг яхши шахматчиси деб эълон қилинди. Шунингдек, Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада кумуш медални қўлга киритди.
