Синдаров 1,5 миллион долларлик шахмат турнири саралашини муваффақиятли бошлади
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида умумий мукофот жамғармаси 1 миллион 550 минг АҚШ долларини ташкил этувчи Esports World Cup Chess турнирининг саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда.
Турнирнинг асосий иштирокчилари номи аввалдан маълум бўлиб, яна тўртта йўлланма учун шахматчилар Last Chance Qualifier форматида кураш олиб боришмоқда. Ушбу саралаш босқичи 4 та гуруҳда 9 турдан иборат швейцарча тизимда ташкил этилди. Ҳар бир гуруҳдан кучли тўртлик плей-оффга йўл олди.
Ўзбекистонлик шахматчилардан Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Якуббоев ҳам саралашда иштирок этди. Афсуски, Якуббоев ўз гуруҳида 5 очко тўплаб, 5-ўринни эгаллади ва плей-оффга чиқа олмади.
Жавоҳир Синдаров эса кучли рақиблар тўпланган С гуруҳида 5,5 очко билан 3-ўринни эгаллаб, плей-офф йўлланмасига эга бўлди.
Маълумот учун, ушбу нуфузли турнирда Нодирбек Абдусатторов саралашсиз, тўғридан-тўғри асосий босқичда иштирок этмоқда.