Шоҳасан Мирзаматов чемпионлик жанги ҳақида хабар берди
Яримўрта вазн тоифасида Ўзбекистоннинг етакчи ММА жангчиларидан бири Шоҳасан Мирзаматов Instagram’даги саҳифасида мухлисларини қувонтирувчи муҳим янгилик билан бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, Мирзаматов 11 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Octagon 72 турнирида қирғизистонлик Абилкассим Якубовга қарши жанг ўтказиб, рақибини муддатидан олдин мағлуб этганди. У ушбу ғалабадан сўнг ўзини қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга миннатдорлик билдирди ҳамда чемпионлик жангида иштирок этишини маълум қилди.
“6 июл куни Ўзбекистонда чемпионлик камари учун жанг қиламан. Барча қўллаб-қувватлаб турганларга катта раҳмат”, — деб ёзди Мирзаматов.
Маълумотларга кўра, 6 июл куни бўлиб ўтадиган навбатдаги Octagon турнири Самарқанд шаҳрида ташкил этилиши кутилмоқда. Яримўрта вазн тоифасида Octagon League чемпионлик камари ҳозирда қозоғистонлик Георгий Кичигинга тегишли. Шоҳасан айнан шу камар учун октагонга кўтарилади.