locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Шавкатбек Муҳиддинов: «Кейинги Суперкубокни Андижонда ўтказайлик»

Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
 Шавкатбек Муҳиддинов: «Кейинги Суперкубокни Андижонда ўтказайлик»
Фото: Ўзбекистон футзали

Кўп карра Ўзбекистон чемпиони ва совриндори, миллий терма жамоа сафида биринчилардан бўлиб Осиё вице-чемпиони бўлган Шавкатбек Муҳиддинов 26 август куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

"Мамлакатимиз футзалининг бугунги тараққиётини кўриб, тўғриси ҳавасим келади. Ўтган мавсум юртимизда Жаҳон чемпионати ўйинлари биринчи марта юқори даражада ташкил этилди. Мундиал боис Андижон ва Бухоро шаҳарларида жаҳон андозаларига жавоб берадиган спорт заллари қуриб, фойдаланишга топширилди. Биз бундай шарт-шароитларни фақат орзу қилганмиз. Дастлабки миллий чемпионатларимиз ўтган йиллар беихтиёр ёдимга тушади: стандартларга умуман жавоб бермайдиган, тор, нимқоронғу, атрофида темир устунлари бор залларда ўйнаган эканмиз. Энди қаранг нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам замонавий спорт заллари футзал ихлосмандлари, шуғулланувчиларнинг ихтиёрига бериб қўйилибди.

Мени яна бир жиҳат тўлқинлантирди. ЎФФ ўз шафелигидаги мусобақаларга ўта масъулият ва ўзгача иштиёқ билан ёндошяпти. Бу йил мамлакат кубоги баҳслари турли вилоятларида ўтказилиб, чекка ҳудудлардаги футзал мухлисларга ушбу турнинг жозибасидан баҳраманд бўлиш имкониятини тақдим этганди. Энди эса мамлакатимиз футзали тарихида биринчи марта Ўзбекистон Суперкубоги муҳташам “Ҳумо Арена” мажмуасида ташкиллаштирилмоқда. Боз устига, бу тадбирга таклиф этилаётган машҳур футболчилар рўйхатига назар ташланг: Каннаваро, Дида, Сержинё, Рибери, Роберто Карлос... Биз бу футболчиларни фақат телевизор орқали кўрганмиз. Ўйинларига маҳлиё бўлиб улғайганмиз. Байрам арафасида афсонавий футболчиларни серқуёш юртимизга таклиф этган, футбол ишқибозларига ҳақиқий байрамона кайфиятни улашишни ният қилган инсонларга катта раҳмат. Мен ўзим ҳам Андижондан Суперкубок ўйинига бормоқчиман. Оламшумул тадбирдан баҳра олмоқчиман. Мамлакатимизнинг айни пайтдаги энг кучли икки жамоаси ўртасидаги муросасиз рақобатдан завқланиб, унутилмас жараёнларнинг бир қисмига айланишни истайман.

Футзал раҳбариятидан битта илтимосим, сўровим бор эди. Мана шундай унутилмас тадбирларнинг кейингисини Андижонда ўтказайлик. Футболни, футзални Андижонда қандай яхши кўришларини айтмасам ҳам барча билади. Ишонтириб айтаманки, водийда ташкиллаштирладиган бу каби тадбирлар зўр муваффақят ҳамда аншлагда ўтади.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг