Шавкат Мирзиёев янги Олимпия шаҳарчасини кўздан кечирди
18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида қурилиши якунланган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди. Лойиҳага 2022 йил 9 ноябрда тамал тоши қўйилган бўлиб, қисқа муддат ичида 100 гектардан ортиқ майдонда замонавий спорт инфратузилмаси барпо этилди.
Қиймати қарийб 290 миллион доллар бўлган мазкур иншоот “CAMC Engineering” компанияси томонидан халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилди. Шаҳарча таркибида 5 та асосий спорт мажмуаси жой олган.
Улар орасида замонавий велодром алоҳида ажралиб туради. У мураккаб муҳандислик ечимлари асосида қурилган бўлиб, йўлакнинг қопламаси, бурчаклари ва дизайни Халқаро Олимпия қўмитаси талабларига жавоб беради. Унда 2,2 минг томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар ва ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган. Мажмуада стол тенниси ва қиличбозлик мусобақалари ҳам ўтказиш мумкин.
Шаҳарчанинг марказий қисмида 12 минг ўринли стадион қад ростлаган. Унда енгил атлетиканинг 48 йўналиши бўйича мусобақаларни, жаҳон чемпионатлари ва параатлетика баҳсларини қабул қилиш имконияти мавжуд.
Президентимиз спорт турларини оммалаштириш, айниқса, стол теннисини ҳар бир мактаб ва маҳаллада кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, велоспортни ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.