Sharjah Masters. Ўзбек дербисида Абдусатторов устун, Ниғматов ва Мадаминовдан муҳим ғалабалар
БААнинг Шаржа шаҳрида Sharjah Masters 2025 халқаро шахмат турнири қизғин паллага кирди. 73 000 долларлик мукофот жамғармасига эга мазкур мусобақанинг “Masters” гуруҳида тўрт нафар юртимиз гроссмейстери — Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Ниғматов юксак ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
3-тур доирасида ўзига хос ўзбек дербиси қайд этилди. Илк икки турда дуранг қайд этган Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Жаҳонгир Воҳидовга қарши ўйин ўтказиб, ғалаба қозонди. Воҳидов аввалги турларда мағлубият ва ғалаба қайд этган эди. Бу сафар тажриба ва турнирлардаги барқарорлик ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Шу тур доирасида Ортиқ Ниғматов оқ доналарда америкалик Акобян Варужанни мағлуб этди. Бу Ниғматов учун кетма-кет иккинчи ғалаба бўлди — у аввалги турда ҳиндистонлик Санкалп Гуптани ҳам юта олганди.
Муҳиддин Мадаминов эса айнан шу Гуптани 3-турда мағлуб этди. Қизиғи, ҳинд гроссмейстери кетма-кет икки учрашувда ўзбекистонлик рақибларига имкониятни бой берди.