Sharjah Masters. Ўзбек дербисида Абдусатторов устун келди
БААнинг Шаржа шаҳрида ўтаётган нуфузли Sharjah Masters 2025 турнирининг 3-тур учрашувлари кеча, 19 май куни бўлиб ўтди. Мукофот жамғармаси 73 000 долларни ташкил этувчи мазкур мусобақанинг “Masters” тоифасида тўрт нафар юртдошимиз – Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Ниғматов фаол иштирок этмоқда.
Кечаги тур доирасида ўзига хос ўзбек дербисига гувоҳ бўлинди — қора доналарда ўйнаган Нодирбек Абдусатторов Жаҳонгир Воҳидов устидан ғалаба қозонди. Аввалги икки турда дуранг қайд этган Абдусатторов ушбу ютуқ орқали очколарини кўпайтирди.
Ортиқ Ниғматов эса оқ доналарда АҚШ вакили Акобян Варужанни мағлуб этди. У шунингдек, олдинги турда ҳиндистонлик Санкалп Гуптани ҳам енгган эди.
Муҳиддин Мадаминов 3-турда айнан Гуптага қарши тўқнаш келди ва ғалаба қозонди. Ҳинд гроссмейстери кетма-кет икки мағлубиятни айнан ўзбекистонлик шахматчилардан қабул қилди.
Учинчи тур якунларига кўра, Ортиқ Ниғматов 2,5 очко билан пешқадамлар қаторидан жой олди. Нодирбек Абдусатторовнинг ҳисобида 2 очко бўлиб, у рейтингда юқорига кўтарилди. Жаҳонгир Воҳидов 1 очко билан 52-ўринда, Муҳиддин Мадаминов эса 1,5 очко билан ўрта қисмда бормоқда.