Sharjah Masters. Нодирбек Абдусатторов бир суткада икки давлатда икки учрашув ўтказди
18 май куни БААнинг Шаржа шаҳрида шахмат бўйича нуфузли Sharjah Masters 2025 халқаро турнири бошланди. Мукофот жамғармаси 73 000 АҚШ долларини ташкил этган ушбу мусобақанинг “Masters” гуруҳига тўрт нафар ҳамюртимиз — Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Ниғматов қўшилиб, совринли ўринлар учун курашни бошлади.
Қизиғи шундаки, Нодирбек Абдусатторов бир сутка ичида икки мамлакатда икки мусобақада иштирок этди. У 17 май куни Руминия пойтахти Бухарестда якунига етган турнирнинг сўнгги турида ўйнаган бўлса, 18 май куни аллақачон Шаржа шахрида янги мусобақада ғолиблик учун баҳс олиб борди. У Sharjah Masters турнирида биринчи рақам остида таснифланган бўлиб, 1-турда ҳиндистонлик гроссмейстер Панаяппан Сетхураманга қарши қора доналарда ўйнади. Қийин вазиятга тушиб қолганига қарамай, Абдусатторов мураккаб позициядан чиқиб кетишга муваффақ бўлди ва дуранг қайд этди.
Турнирнинг 1-турида шахматчиларимиздан фақат Жаҳонгир Воҳидов мағлубиятга учради. У оқ доналарда Эрон вакили, мусобақанинг учинчи рақамли иштирокчиси Амин Табатабайига қарши ўйнади ва имкониятни бой берди. Қолган икки гроссмейстеримиз — Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Ниғматов ўзларидан юқори рейтингга эга рақибларига қарши дурангга эришишди.
Ўзбекистонлик шахматчиларнинг 1-турдаги натижалари:
Панаяппан Сетхураман (Ҳиндистон) – Нодирбек Абдусатторов — 0,5:0,5
Жаҳонгир Воҳидов – Амин Табатабайи (Эрон) — 0:1
Муҳиддин Мадаминов – Сянюй Сюй (Хитой) — 0,5:0,5
Ортиқ Ниғматов – Пранав Ананд (Ҳиндистон) — 0,5:0,5
19 май куни бўлиб ўтадиган 2-турда Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда яна бир ҳиндистонлик гроссмейстер — Адитя Митталга қарши ўйнайди. Муҳиддин Мадаминов эса қора доналарда грециялик Николас Теодороу, Ортиқ Ниғматов — Санкалп Гупта (Ҳиндистон), Жаҳонгир Воҳидов эса сербиялик аёл гроссмейстер Теодора Иняцга қарши қора доналарда баҳс олиб боради.