Sharjah Masters 2025. Иккинчи ўзбек дербисида ҳам Абдусатторов зафар қучди
БААнинг Шаржа шаҳрида ўтаётган нуфузли Sharjah Masters 2025 халқаро шахмат турнири қизғин ва муросасиз беллашувлар билан давом этмоқда. 73 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот жамғармасига эга бўлган “Masters” тоифасидаги баҳсларда тўрт нафар ўзбекистонлик гроссмейстер — Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Ниғматов ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб боряпти.
Кеча, 20 май куни 4-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда яна бир ўзбек дербисига гувоҳ бўлдик. 3-турда Жаҳонгир Воҳидов устидан илк ғалабасини қайд этган Нодирбек Абдусатторов бу сафар оқ доналарда Ортиқ Ниғматовга қарши ўйин ўтказди ва яна зафар қучди. Ниғматов бу беллашувгача икки ғалаба ва бир дуранг билан Абдусатторовдан юқори ўринни эгаллаб турганди.
Афсуски, турнинг қолган учрашувларида ўзбекистонлик шахматчилар учун муваффақият қайд этилмади. Муҳиддин Мадаминов қора доналарда БАА вакили Салем Салеҳга мағлуб бўлди. Жаҳонгир Воҳидов эса хитойлик Панг Таога қарши баҳсда имкониятни бой берди.
Шу турда биринчи доскада икки ярим очкодан жамғарган россиялик Иван Землянский ва нидерландиялик таниқли гроссмейстер Аниш Гири ўзаро тўқнаш келди. Ушбу учрашувда Нодирбекдан кейинги иккинчи рақам остида таснифланган Гири ғалаба қозонди.
Sharjah Masters 2025 мусобақаси ўйиндан-ўйинга қизиқарли тус олиб, гроссмейстерлар ўртасидаги рақобат янада кучайиб бормоқда.