Sharjah Masters 2025: Абдусатторов пешқадамни тўхтатди, Ниғматов ғалаба қозонди, ўзбек дербисида дуранг
БААнинг Шаржа шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро Sharjah Masters 2025 мусобақасида 7-тур учрашувлари ортда қолди. Жами 73 минг доллар мукофот жамғармасига эга бўлган мазкур нуфузли турнирда ўзбекистонлик тўрт нафар гроссмейстер — Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Ортиқ Ниғматов “Masters” гуруҳида иштирок этмоқда.
Турнинг марказий учрашувларидан бири биринчи рақамли Нодирбек Абдусатторов ва иккинчи рақамдаги Аниш Гири (Нидерландия) ўртасида кечди. Қора доналарда ҳаракат қилган Абдусатторов тажрибали рақиби билан дурангга рози бўлди. Бу натижа орқали ҳамюртимиз 5 очко билан умумий жадвалда 2-ўринга кўтарилди. Пешқадамликни 5,5 очко тўплаган Гири сақлаб қолди.
Тур доирасида ўзбек дербиси ҳам кузатилди — Жаҳонгир Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов ўзаро беллашувда куч синашишди. Беллашув 15-юришдан кейин дуранг билан якунланди. Ҳар икки гроссмейстеримиз ҳисобида ҳозирча 2 очкодан мавжуд.
Шунингдек, Ортиқ Ниғматов оқ доналарда россиялик Алексей Гребнев устидан ишончли ғалабага эришди ва очколарини 4 тага етказди. У ҳозирча 24-поғонада бормоқда.
Саккизинчи тур арафасида Аниш Гири 5,5 очко билан якка пешқадамликни сақлаётган бўлса, Абдусатторов, Салем Салеҳ (БАА), Шант Саргсян (Арманистон), Александар Инджич ва Велимир Ивич (Сербия) каби гроссмейстерлар 5 очкодан жамғариб турнирдаги жиддий рақобатни сақлаб турибди.
Бугунги 8-турдаги жуфтликлар:
Нодирбек Абдусатторов – Салем Салеҳ (оқ доналарда)
Ортиқ Ниғматов – Дэвид Гаврилеску (қора доналарда)
Жаҳонгир Воҳидов – Жиованни Вескови (қора доналарда)
Муҳиддин Мадаминов – Якуб Симанн (оқ доналарда)