Шаҳноза Мирзиёева World Aquatics раҳбариятига сайланди
Сингапурда сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати доирасида Butunjahon suzish federatsiyasi (World Aquatics)нинг навбатдаги Конгресси бўлиб ўтди. Унда ташкилот фаолиятини янада самарали ташкил этиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда сув спортининг глобал тараққиётига доир масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги муҳим қарорлардан бири — World Aquatics Ижроия қўмитаси бюросининг янгиланган таркибини шакллантириш бўлди. Мамнуният билан қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раиси биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева мазкур нуфузли тузилманинг аъзоси этиб сайланди.
Бу қарор нафақат юртимиз мутахассислари халқаро спорт ташкилотларидаги ўрнини мустаҳкамлайди, балки мамлакатимизда сув спорти инфратузилмасини ривожлантириш ва ёш авлод ўртасида уни кенг тарғиб этишда муҳим омилга айланади.