Шамсиддин Воҳидов жаҳон Кубоги йўлланмасига эга чиқди, Гулруҳбегим ва бошқа етакчилар маррадан четда қолишди
Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича Осиё чемпионати ўз ниҳоясига етди. 80 000 АҚШ доллари мукофот жамғармасига эга ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси кенг таркибда иштирок этди. Бу чемпионат жорий йилда бўлиб ўтадиган жаҳон Кубогига йўлланма бериши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этар эди.
Қувонарлиси, эркаклар ўртасидаги баҳсларда Шамсиддин Воҳидов кучли учликдан жой олиб, бронза медали ва жаҳон Кубоги йўлланмасига эга чиқди.
Чемпионатнинг сўнгги — 9-турида икки ўзбекистонлик гроссмейстер, Воҳидов (2641) ва мусобақадаги биринчи рақамли юртдошимиз Нодирбек Якуббоев (2665) ўзаро тўқнаш келишди. “Ўзбек дербиси” дуранг билан якунланди. 9 турда 6,5 очко тўплаган Воҳидов 3-ўринни эгаллаб, шу билан бирга 6000 долларлик мукофотга ҳам сазовор бўлди. Якуббоев эса 6 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 15-ўринга тушди ва 500 доллар мукофот билан чекланди.
Аёллар ўртасида эса энг яхши натижани Афруза Ҳамдамова қайд этди. Икки карра ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони 9-турда россиялик Мария Якимовани мағлуб этиб, умумий ҳисобда 6,5 очко билан 8-ўринни эгаллади. Унинг мукофоти — 800 доллар.
Энг юқори умидлар боғланган шахматчилардан бири — Гулруҳбегим Тоҳиржонова эса ҳал қилувчи баҳсда ютқазиб, Осиё чемпиони бўлиш имкониятини бой берди. 9-турда у хитойлик Сонг Юсинга қарши қора доналарда ўйнаб мағлубиятга учради. Рақиби ушбу ғалаба орқали 7 очко тўплаб чемпионликни қўлга киритди. Тоҳиржонова эса 6 очко билан мусобақани 10-ўринда якунлаб, 600 доллар мукофот билан тақдирланди.
