locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Шахмат. Ўзбекистон — икки карра шахмат олимпиадаси чемпиони!

Ўзбекистон Украина билан учрашув тугашидан олдин чемпионликни математик жиҳатдан кафолатлади.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Шахмат. Ўзбекистон — икки карра шахмат олимпиадаси чемпиони!
photo: Chess Uzbekistan

Самарқандда тарих ёзилди!

Ўзбекистон Украина билан учрашув тугашидан олдин чемпионликни математик жиҳатдан кафолатлади. Чунки Ҳиндистон сўнгги турда Венгрия билан 2:2 дуранг ўйнади. Ўзбекистон 10 турдан кейин Ҳиндистондан бир очко олдинда эди: 18 га 17.

Бу йўл осон бўлмади. Ўзбекистон мусобақанинг дастлабки 7 турининг барчасида ғалаба қозонди. Ҳал қилувчи баҳсларда Ҳиндистон устидан 2.5:1.5, Хитой устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонилди. 8-турда Германия ғалабали серияни тўхтатди, аммо жамоамиз дарҳол ўзини тиклади: 9-турда турнирнинг биринчи рақамли сараланган жамоаси — АҚШ мағлуб этилди, 10-турда эса Арманистон 3.5:0.5 ҳисобида таслим этилди.

Ва ниҳоят — Украинага қарши сўнгги ғалаба олтин медаль масаласини ҳал қилди.

Ўзбекистон таркиби:

Жавоҳир Синдоров
Нодирбек Абдусатторов
Нодирбек Ёқуббоев
Шамсиддин Воҳидов
Муҳиддин Мадаминов

Жамоа сардори — собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов. Ушбу таркибдаги тўрт нафар шахматчи 2022-йилда Ченнай Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган жамоада ҳам ўйнаган.

Ўзбекистон шахматининг сўнгги уч Олимпиададаги натижаси эса алоҳида эътиборга лойиқ:

2022, Ченнай — ОЛТИН
2024, Будапешт — БРОНЗА
2026, Самарқанд — ОЛТИН

Демак, Ўзбекистон кетма-кет учта Шахмат олимпиадасини медалсиз тарк этмади ва тўрт йил ичида иккинчи бор Open бўлимида жаҳоннинг энг кучли терма жамоаси бўлди.

Энг ўзига хос жиҳати — бу сафарги чемпионлик ўз уйимизда, Самарқандда қўлга киритилди.
2022-йилда Ўзбекистоннинг Олимпиададаги олтин медалини тасодиф ёки бир марталик муваффақият деб баҳолаганлар ҳам бор эди. Аммо 2026-йилда жамоамиз бутун турнир давомида кучли ва ишончли ўйин намойиш этиб, яна шоҳсупага кўтарилди.

Бу сафар йигитларимиз нафақат чемпион бўлибгина қолмай, 2022-йилдаги олтин тасодиф бўлмаганини ва Ўзбекистон бугун дунёнинг энг кучли шахмат терма жамоаси эканини амалда исботлади.

ЎЗБЕКИСТОН — 46-БУТУНЖАҲОН ШАХМАТ ОЛИМПИАДАСИ ЧЕМПИОНИ!

Чемпионларимизни ва бутун Ўзбекистон халқини ушбу тарихий ғалаба билан чин қалбдан табриклаймиз!

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг