Шахмат. Прага шахмат фестивали 2026: рақиблар турнирни қандай бошлашди?
Прагаддаги супертурнирнинг бугунги 2-турида Нодирбек Абдусатторов Эроннинг 1-рақамли шахматчиси Парҳам Магсудлуга, Нодирбек Якуббоев эса амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши дона суради. Хўш, бу рақиблар 1-турда қандай натижа қайд этишди?
Умуман олганда, биринчи турда оқ доналарда ўйнаган шахматчиларнинг деярли барчаси ғалабага эришди. Фақат амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш бундан мустасно — у Ҳанс Ниманга қарши бутун партия давомида ҳимояланишига тўғри келди ва якунда дурангга рози бўлди.
Илк тур Парҳам учун ҳам омадсиз бошланди. У турнир мезбони Давид Наварага қарши ўйинда 29...b5? хатосига йўл қўйди. 30.axb6 Rxb6 31.g5 дан кейин Навара ташаббусни қўлга олди ва қисқа фурсатда устун позицияга эришди. 40.f3 юришидан сўнг эса Магсудлу таслим бўлди.
Хуллас, бизнинг Нодирбеклар ишончли старт олган бир вақтда, уларнинг бугунги рақиблари учун 1-тур осон кечгани йўқ. Демак, бугунги турда бир рақиб мағлубиятдан сўнг йўқотилган очкони қоплашга ҳаракат қилади, иккинчиси эса мураккаб баҳсдан сўнг ўз ўйинини янада мустаҳкамлаш ниятида майдонга чиқади.