Шахмат. Каруана: Бундай режалаштириш — шунчаки телбалик
Америкалик гроссмейстер Фабиано Каруана Grand Chess Tour (GCT) ва Esports World Cup ўртасида юзага келган саналар тўқнашуви ҳақида фикр билдирди.
“Албатта, йирик турнирлар устма-уст тушиши — бу ёмон. Баʼзи ҳолларда танлов аниқ бўлади. Масалан, агар Жаҳон чемпионлиги баҳси GCT босқичи билан бир вақтда ўтса, албатта, чемпионлик ўйинини танлайсиз.”
Аммо бу ерда вазият бошқача. Кўплаб ўйинчиларнинг жамоалар билан шартномалари бор, айримлари эса GCT билан шартнома асосида ўйнайди.
“Менда Grand Chess Tour билан контракт бор. Мен йил бошида таклифни қабул қилганман. GCT саналарни олдиндан эълон қилади ва ўн йилдан бери барқарор жадвал асосида ишлайди.”
Каруана таъкидлашича, кўпчилик топ-шахматчилар ҳар йили GCTда қатнашади:
“Мен ўн йилдан бери ҳар йили иштирок этаман. Максим, Алиреза, Левон — ўтган тур натижаларига кўра сараланганмиз. Агар Магнус GCTда ўйнаганида, эҳтимол бу вазият умуман юзага келмас эди.”
Каруана Esports World Cup ташкилотчиларини бевосита танқид қилди:
“GCT ҳеч қандай хато қилмаган. Саналар олдиндан эълон қилинган, ўйинчилар таклифни қабул қилган. Кейин эса бошқа турнир айнан шу саналарга қўйилди. Бу — шартнома мажбуриятларини бузиш.Агар хато қилган бўлса, саналарни кўчириш ҳам уларнинг вазифаси.”
Каруана вазиятни Жаҳон чемпионлиги баҳсига тенглаштирди:
“Бу деярли Жаҳон чемпионлиги ўйини вақтига турнир қўйиш билан баробар. Балки ундан ҳам ёмонроқ. Чунки чемпионлик баҳсида икки ўйинчи қатнашади, бу ерда эса тўққиз ёки ўн нафар ўйинчи четда қолади.Ростини айтсам, нима қиляпсизлар ўзи? Бундай режалаштириш — шунчаки телбалик. Агар Esports World Cup ўйинчиларни сақлаб қолмоқчи бўлса, саналарни кўчирсин. Акс ҳолда, ўзлари билади.”