Шахмат бўйича Осиё чемпионати бошланди: ўзбек гроссмейстерлари курашга қўшилди
7 май куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасидаги шахмат бўйича Осиё чемпионати бошланди. Мазкур нуфузли мусобақада 34 та мамлакатдан 260 дан зиёд маҳоратли шахматчи иштирок этмоқда. Ўзбекистон шарафини 12 нафар эркак ва 15 нафар аёл шахматчи ҳимоя қилмоқда.
Эркаклар терма жамоасининг етакчилари сифатида Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Мухиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров ва Ҳумоюн Бекмуратов қайд этилмоқда. Аёллар орасида эса Афруза Хамдамова, Гулдона Каримова, Умида Омонова ва Гулрухбегим Тоҳиржонова асосий умидларимиздан саналади.
Чемпионат 9 турдан иборат бўлиб, 16 май куни ўз ниҳоясига етади. Турнир якунларига кўра, Ал-Айндаги мусобақада кучли ўнликка кирган эркаклар ва икки нафар энг кучли аёл шахматчи Жаҳон кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.