Шахмат бўйича 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати
Жорий йилнинг, 24–30-январ кунлари Навоий вилоятида шахмат бўйича 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади.
Мусобақа Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилади. Беллашувлар Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган Тўдакоʻл Халқаро шахмат мактабида ташкил этилади.
Чемпионат ўғил болалар ва қизлар ўртасида алоҳида гуруҳларда ўтказилиб, ҳар бир гуруҳда 12 нафардан шахматчи айланма тизимда, стандарт йўналишда 11 тур давомида баҳс олиб боради.
Мусобақа ғолиблари ва совриндорлари қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади. Ҳар бир гуруҳ ғолиби 2026-йилги эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати (олий лига) мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган шахматчилар 20-январ соат 16:00 га қадар Ўзбекистон шахмат Федерациясига ёзма равишда мурожаат қилишлари лозим. Тасдиқланган иштирокчилар ётоқхона ва овқатланиш билан таъминланади.