Сеулда «Ўзбекистон Элчиси кубоги» халқаро Кураш мусобақасига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Сеулда «Ўзбекистон Элчиси кубоги» халқаро Кураш мусобақасига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Жанубий Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида 27–30 август кунлари бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон Элчиси кубоги» 2-халқаро Кураш чемпионатига тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди.
Ушбу мусобақага бағишланган ташкилий йиғилишда ИКА Президенти маслаҳатчиси Умид Якубов, ИКА Администрация раҳбари Мансур Мирзаев, ИКА Спорт қўмитаси аъзоси Жуан Да Вей ҳамда ИКА ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда видеоконференцалоқа орқали Корея Кураш федерацияси Президенти Бае Хёнг Сик ҳам қатнашди.
Мулоқот давомида мусобақанинг ташкилий ва техник жиҳатлари, иштирокчи жамоаларни қабул қилиш, мусобақа жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, ҳакамлик ва техник делегация фаолияти билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
«Ўзбекистон Элчиси кубоги» мусобақаси иккинчи марта Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами муносабати билан ташкил этилмоқда. Бу галги чемпионатда Марказий Осиёнинг Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари, шунингдек, мезбон давлат — Корея миллий терма жамоалари иштирок этиши белгиланган.
Мусобақа нафақат спорт майдонидаги рақобат, балки Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кўзда тутилган. Мусобақани Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Элчихонаси, Корея Кураш федерацияси ва Халқаро Кураш ассоциацияси ҳамкорликда ташкил этмоқда.
Мусобақанинг асосий баҳслари 29 август куни Дуксунг аёллар университетининг Хананури гимназияси залида ўтказилади. Дастурда эркаклар ўртасида -66, -81, -100 ва +100 кг, аёллар ўртасида эса -52, -63, -78 ва +78 кг вазн тоифалари белгиланган.