Сеулда Халқаро Паралимпия қўмитаси Бош Ассамблеяси ва Конференцияси ўз ишини бошлаш арафасида
Жорий ҳафтада Корея Республикасининг Сеул шаҳрида Халқаро Паралимпия қўмитасининг XXII Бош Ассамблеяси ва Конференцияси ўтказилади. Унда 190 га яқин IPC аъзо ташкилотлари қатнашади.
Тадбирларда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти Мухторхон Ташходжаев ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси Бош котиби Фаррух Аҳмедов ҳам иштирок этади.
Конференция ва Ассамблея доирасида 2023-йилги Бош Ассамблеядан кейин эришилган ютуқлар тўғрисида ҳисобот берилиши, шунингдек, IPC Бошқарув Кенгаши сайловида иштирок этаётган номзодлар бўйича маълумотлар тақдим этилиши, баъзи халқаро федерацияларнинг ташкилотга аъзолиги қайта кўриб чиқилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 27-сентябрь куни IPC Президенти ва Бошқарув Кенгаши сайловлари бўлиб ўтади.