Самбо. FIAS ишчи гуруҳи Самарқандда Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни билан танишди
FIAS ишчи гуруҳи Самарқандда Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни билан танишди.
Хабарингиз бор, шу йил ноябр ойида Самарқанд шаҳри самбо бўйича юбилей - 50-жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Бундай нуфузли турнирнинг мамлакитимизга ишониб топширилиши албатта Халқаро самбо федерациясининг юртимизга бўлган ишончи намунасидир. Ўз навбатида бундай нуфузли мусобақага тайёргарлик ҳам ўзига яраша масъулият талаб этади.
Ўзбекистон самбо ассоциацияси эса аллақачон мусобақанинг ташкилий жараёнларига тайёргарликни бошлаб юборган. Тайёргарлик билан танишиш учун Халқаро самбо федерациясининг ишчи гуруҳи Самарқандда меҳмон бўлди.
Ишчи гуруҳ сафида Халқаро самбо федерацияси президенти аппарати раҳбари Олег Артёмюк, спорт директори Сергей Табаков, стратегик алоқалар бўлими раҳбари Елена Прекрасная, FIAS бош директори Александр Корсик, Халқаро алоқалар бўлими вакили Лианна Киракосян, дижитал йўналиш раҳбари Александр Соломахиндан иборат мутахассислар Самарқандда бўлишди.
Уларга юртимизда ЖЧ учун олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари таништирилди. Жараёнларда Осиё-Океания самбо уюшмаси президенти Аламжон Муллаев, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов, раис ўринбосари Ислом Ади́лов ишчи гуруҳга ҳамроҳлик қилди.
FIAS мутасаддилари мусобақа ўтказиладиган арена, меҳмонхоналар ва бошқа бир қатор манзилларни бориб кўришди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа 6-8 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади.