Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Бугун Самарқанд шаҳридаги “Silk Road” халқаро туризм марказида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, ФИДЕ президенти вазифасини бажарувчи Вишванатан Ананд сўзга чиқиб, олимпиада иштирокчиларини қутлади ҳамда Марказий Осиё мамлакати - Ўзбекистон тарихида илк бор шахмат оламининг энг йирик жамоавий турнирига мезбонлик қилаётганини таъкидлади.
Бу йилги Олимпиада иштирокчилар ва жамоалар сони бўйича рекорд кўрсаткични қайд этмоқда. Мусобақада жами 397 та жамоа, жумладан, эркаклар (Open) гуруҳида 207 та ва аёллар гуруҳида 190 та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб боради. Беллашувларда 1970 нафар шахматчи, шу жумладан, 238 нафар гроссмейстер иштирок этмоқда.
Мусобақанинг очилиш маросимида халқаро шахмат ташкилотлари, хорижий делегациялар, терма жамоалар вакиллари ҳамда спорт жамоатчилиги иштирок этди.
Ўзбекистон терма жамоаси Олимпиадада кучли таркиб билан қатнашмоқда. Эркаклар жамоаси сафида жаҳон рейтингининг кучли ўнлигидан жой олган Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов, шунингдек, Нодирбек Якуббоев, Шамсиддин Воҳидов ҳамда ФИДЕ Жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов иштирок этмоқда.
Аёллар терма жамоаси таркибида эса Афруза Хамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва мамлакатимиз шахмат мактабининг бошқа иқтидорли вакиллари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда.
Шунингдек, Самарқандда 3-Парашахмат олимпиадаси ҳам ўтказилмоқда. Унда 41 та жамоа ва 198 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Мазкур кўрсаткич Парашахмат олимпиадаси тарихидаги энг юқори натижа бўлиб, мусобақа инклюзив спортни ривожлантириш ва шахматнинг барча учун очиқ спорт тури сифатидаги нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олимпиада билан бир қаторда, 19–28-сентябр кунлари Самарқандда 97-ФИДЕ Конгресси ҳам бўлиб ўтади. Унда 200 дан ортиқ шахмат федерациялари раҳбарларининг иштирок этиши кутилмоқда.
Тарихий Самарқандда ушбу нуфузли тадбирларнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг йирик халқаро спорт ва интеллектуал мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш салоҳиятини яна бир бор намоён этмоқда.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси 27-сентябрга қадар давом этади.