locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Самарқанд вилоятида ҳам 2025-йил сарҳисоби ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди

Кун тартибидан ўрин олган масалалар доирасида 2025-йил давомида қайд этилган спорт натижалари чуқур таҳлил қилиниб, мураббийлар фаолиятига танқидий ва холис баҳо берилди.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Самарқанд вилоятида ҳам 2025-йил сарҳисоби ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди
photo: Og'ir atletika

Самарқанд вилоятида ҳам 2025-йил сарҳисоби ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Вилоятларда 2025-йил якунлари ҳамда 2026-йил учун белгиланган устувор йўналишлар юзасидан ҳисобот-тақдимотлар давом этмоқда. Навбат Самарқанд вилоятига келди.

Самарқанд Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида вилоят оғир атлетика бўлимининг 2025-йилдаги фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ўтган йил давомида эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ҳамда келгуси йилга мўлжалланган режалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2025-йил Самарқанд вилояти оғир атлетикачилари учун ҳам сермаҳсул ва ютуқларга бой бўлди. Вилоят спортчилари республика миқёсидаги чемпионат ва биринчиликларда фаол қатнашиб, умумжамоа ҳисобида юқори кўрсаткичларни қайд этдилар. Шу билан бирга, Самарқанд вакиллари ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафида халқаро майдонларда муносиб иштирок этиб, мамлакат шарафини ҳимоя қилдилар.

Хусусан, вилоят ўғлони Шарофиддин Амриддинов Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган Ислом бирдамлик ўйинларида +110 кг вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди. Ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида (Лима шаҳри) Ҳикматилло Ҳайдаров ҳам бронза медалини қўлга киритди. Теҳрон шаҳрида ўтказилган нуфузли “Fajr Cup” халқаро турнирида 65 кг вазн тоифасида Диёрбек Одилов кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, Урганч шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида Асилбек Болтаев олтин, Нозимахон Рўзиева эса кумуш медалга эга чиқди.

Мазкур натижалар йиғилиш давомида эътироф этилиб, спортчилар ва мураббийлар фаолиятига юқори баҳо берилди.

Йиғилишда Спорт бошқармаси вакили Ж. Нурманов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Самарқанд вилояти бўлими раиси Б. Негматов, Самарқанд ОПСТТМ директори О. Багиров, вилоят федерацияси ижрочи директори Ғ. Толибов, вилоят оғир атлетика бўлими бош мураббийи А. Усмонов, спорт мактаблари раҳбарлари, тажрибали мураббийлар, ҳакамлар ҳамда терма жамоа аъзолари иштирок этдилар.

Кун тартибидан ўрин олган масалалар доирасида 2025-йил давомида қайд этилган спорт натижалари чуқур таҳлил қилиниб, мураббийлар фаолиятига танқидий ва холис баҳо берилди. Шунингдек, 2026-йилга мўлжалланган мусобақалар тақвими, спортчилар тайёргарлик режаси ва стратегик йўналишлар тақдим этилди.

Муҳокамаларда 2028-йилда Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига лицензия қўлга киритиши кутилayotgan спортчилар тайёргарлиги алоҳида эътибор марказида бўлди. Мутахассислар иштирокида аниқ ва манзилли режа ҳамда вазифалар белгиланиб олинди.

Тадбир якунида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Самарқанд вилояти бўлими раиси Б. Негматов томонидан соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ҳомий ташкилотлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг