Сайхунободда замонавий спорт иншооти фойдаланишга топширилди
Жорий йилнинг 7-апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани Дўстлик маҳалласида спорт иншооти фойдаланишга топширилди. Ушбу спорт иншоотининг очилиш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда вилоят прокурори Савид Иматов иштирок этиб, янги маскан билан яқиндан танишдилар. Маросим давомида нуронийлар томонидан дуога қўл очилиб, эзгу тилаклар билдирилди ва рамзий лента кесилиб, спорт залида фойдаланишга расман старт берилди.
Вилоят ҳокими ушбу спорт иншоотидаги кураш ва бокс залларини кўздан кечирар экан, бу ерда шуғулланаётган ёш спортчилар билан самимий суҳбат қурди ҳамда ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини юқори баҳолади.