Руминия чемпионати – қимматли тажриба
Руминияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунлангач, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Дмитрий Цуцкарев мусобақа натижалари ҳақида фикр билдирди.
— Жамоа тайёргарлиги қандай кечди?
— Барча ишлар календарь режага асосан амалга оширилди. Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва “Uzbekistan Aquatics” федерацияси зарур шароит яратиб берди. Шу сабаб йигитлар чемпионатга яхши формада ва курашиш руҳи билан етиб келишди.— Дебютанлар қандай ҳаракат қилишди?
— Барча йигитлар биринчи марта шундай йирик мусобақада қатнашишди. Бу осон эмас, аммо айнан шундай стартлар спортчининг характери ва тажрибасини шакллантиради. Ҳар бири олға қадам қўйди ва қайси даражада ишлаши кераклигини англаб етди.— Спортчиларнинг чиқишлари ҳақида қисқача:
• Мухаммадисмаил Рахмонов – брасс йўналишида ишонч билан сузди, катта салоҳиятга эга.
• Мухаммадсодик Махсудов – шахсий натижаларини яхшилади, кучли мотивация кўрсатди. Дебют учун жуда яхши кўрсаткич.
• Юрий Петровнин – қимматли мусобақа тажрибаси орттирди, техник ва руҳий жиҳатдан ишлаш зарур.
• Жахонгир Марваров – узоқ масофаларда барқарор ўсиш намойиш этди ва характерини кўрсатди.— Асосий хулоса?
— Бу чемпионат спортчиларимизга халқаро тажриба берди ва уларнинг келгусидаги ривожи учун мустаҳкам замин яратди. Яқин келажакда улар янада юқори натижалар кўрсата олишига ишонамиз.