“Qonaev Cup 2025”: Ўзбекистонлик шахматчилар мукофотлар учун курашни бошлади
Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида старт олган нуфузли “Qonaev Cup 2025” шахмат турнирида дунё бўйлаб 19 давлатдан 268 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Учинчи марта ўтказилаётган ушбу мусобақада умумий мукофот жамғармаси 100 000 долларни ташкил этади.
Ўзбекистон шарафини беш нафар шахматчи ҳимоя қилмоқда. Улардан Муҳаммадзоҳид Суяров (рейтинги — 2488) ва Ҳумоюн Бегмуратов (2466) 78 минг доллар соврин тикилган “Masters” гуруҳида иштирок этяпти. 15 минг долларлик “Challengers” гуруҳида эса гроссмейстер Алексей Барсов (2323), Миразиз Матякубов (2260) ва Азамат Дауримбетов (2199) беллашмоқда.
Турнирнинг биринчи турида Суяров қора доналарда қозоғистонлик Сатбек Ахмединов (2375) билан дуранг ўйнади. Ҳумоюн Бегмуратов ҳам қора доналарда мезбонлар вакили Аяулим Калдарова (2220) билан очко бўлишишга мажбур бўлди.
“Challengers” гуруҳида эса барча юртдошларимиз муваффақият қозонди. Алексей Барсов оқ доналарда FIDE байроғи остида ўйнаётган Григорий Фёдоров устидан ғалаба қозонди. Миразиз Матякубов қозоғистонлик Дармен Дауренни, Азамат Дауримбетов эса Дмитрий Даниловни мағлуб этди.
Мусобақа давом этмоқда ва шахматчиларимизни яна бир қатор қизиқарли учрашувлар кутмоқда.