“Qonaev Cup 2025”: Матякубов ва Дауримбетов 2-турдан сўнг пешқадамлар қаторида
Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида 100 000 долларлик мукофот жамғармасига эга “Qonaev Cup 2025” халқаро шахмат турнири қизғин паллага кирди. Унда 19 давлатдан 268 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Ўзбекистон шарафини 5 нафар шахматчи ҳимоя қилмоқда.
“Masters” гуруҳида иштирок этаётган Муҳаммадзоҳид Суяров (2488) 2-турда қозоғистонлик Аяулим Калдарова (2220)га қарши оқ доналарда ўйнаб, дуранг қайд этди. Илк турда ҳам у мусобақани дуранг билан бошлаган эди. Ҳумоюн Бегмуратов (2466) эса Ергали Сулейман (2408)га мағлуб бўлди. Ҳозирча Суяров 1 очко билан 42-ўринда, Бегмуратов эса 0,5 очко билан 54-поғонада боряпти.
“Challengers” гуруҳидаги шахматчиларимиздан Миразиз Матякубов (2260) ва Азамат Дауримбетов (2199) иккинчи турда ҳам ғалаба қозонишди. Улар мос равишда Ризат Улан ва Шингис Боран устидан зафар қучишди. Ҳар икки шахматчимиз 2 та ғалаба билан пешқадамлар сафида қайд этилган.
Тажрибали гроссмейстер Алексей Барсов (2323) эса бу турда Исабек Таникин (2110)га ютқазиб қўйди. У биринчи турда ғалаба қозонган эди.
Мусобақа давом этмоқда ва навбатдаги турлар юртимиз вакиллари учун муҳим аҳамият касб этади.