Президент Синдоровга «Меҳнат шуҳрати» орденини шахсан топширди
Ўзбекистон шахмати тарихида муҳим ютуқ қайд этган гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ФИДЕ Номзодлар турниридаги ғалабаси муносабати билан Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тантанали маросимда тақдирланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Президент маросимда сўзга чиқиб, Жавоҳир Синдоровни мазкур тарихий зафар билан яна бир бор самимий қутлади. Бу бутун халқимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг ғалабаси эканини таъкидлади.
«Албатта, ҳеч бир натижа ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг замирида узоқ йиллик тинимсиз меҳнат, болаликдан орттирилган тажриба, қатъий ирода, темир интизом, ва, албатта, устоз ва мураббийларнинг сабоғи, ота-она, бобо ва бувижонларнинг дуоси мужассам. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай ўзбек ўғлонини тарбиялаб, вояга етказган бобонг ва бувингга, ота-онанга, устоз ва мураббийларингга яна бир бор ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман», — деди давлат раҳбари.
