Пойтахтимизда спортда гендер тенгликка бағишланган конференция ўтказилди
Тошкентдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида “Спорт соҳасида гендер тенглик: муаммо ва ечимлар” мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, спорт вазири Адҳам Икромов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова ҳамда қатор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Конференция давомида сўнгги йилларда юртимизда, айниқса, хотин-қизларни спортга жалб этиш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар алоҳида таъкидланди.
Хусусан, Спорт вазирлиги ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Соғлом оила — соғлом жамият” ғояси асосида махсус қарор қабул қилинган. Унга кўра, мавжуд спорт иншоотларида машғулотлардан ташқари вақтларда хотин-қизлар учун бепул гимнастика, йога, фитнес ҳамда саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган машғулотлар ташкил этилмоқда. “Наманган тажрибаси” асосида йўлга қўйилган ушбу тизим амалий натижалар бераётгани қайд этилди.
Конференция якунида бу йўналишдаги ишларни янада фаоллаштириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилиши белгиланди.