Пойтахтимизда илк бор Паралимпиячилар матонати халқаро форуми бўлиб ўтади
2025 йил 24–28 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон тажрибасини халқаро миқёсда тарғиб этиш мақсадида “Паралимпиячилар матонати” халқаро форуми ҳамда унинг доирасида “Адаптив спорт” фестивали ташкил этилади.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор ва фармонларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратиш, адаптив спортни ривожлантириш ва жисмоний реабилитация тизимини оммалаштиришга хизмат қилади.
Форумда хорижий паралимпия спортчилари, халқаро экспертлар, мутахассислар ва ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, адаптив спорт инфратузилмаси, таълим дастурлари, ижтимоий интеграция масалалари бўйича муҳокамалар олиб борилади. Шунингдек, машҳур паралимпия спортчилари, юқори натижаларга эришган матонат ва жасорат соҳиблари билан мотивацион учрашувлар ўтказилади.
Адаптив спорт фестивали доирасида Россия адаптив хоккей федерациясининг етакчи спортчилари ва мураббийлари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилади ва маҳорат дарслари ўтказилади
Бир сўз билан айтганда, ушбу форум ва фестивал ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг матонати ва ҳаётга интилишини ёритувчи, жамиятда инклюзивлик маданиятини мустаҳкамловчи муҳим халқаро майдонга айланади.