Пенчак силат бўйича Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Бугун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуасида спортнинг пенчак силат тури бўйича Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимида Спорт вазири ўринбосари Шахрилло Махмудов, Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳам Туа бин Иллиас жаноблари, Пенчак силат федерацияси раҳбарияти, кенг спорт жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур нуфузли мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан турли ёш тоифасидаги жами бир ярим мингдан ортиқ спортчи иштирок этиб, ўз маҳоратлари, жисмоний тайёргарлиги ва жанговар салоҳиятини намоён этмоқда.
Бу эса мамлакатимизда пенчак силат спорт турига бўлган қизиқиш ва эътибор йил сайин ортиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Чемпионат давомида спортчилар турли вазн ва ёш тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб бориб, юксак техник маҳорат, тезкорлик ва матонат намуналарини кўрсатмоқдалар. Мусобақалар шаффоф ва адолатли ҳакамлик асосида ўтказилаётгани иштирокчилар ҳамда мураббийлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу чемпионат нафақат мамлакат миқёсидаги муҳим спорт тадбири, балки халқаро мусобақалар учун саралаш босқичи сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.
Чемпионат ғолиб ва совриндорлари 2026 йил якунида Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилиши режалаштирилган пенчак силат бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.