Париж яна бир бор дунё полвонларини бирлаштирди
Париж яна бир бор дунё полвонларини бирлаштирди
Франция пойтахти Париж шаҳридаги Centre Sportif Émile Anthoine спорт мажмуасида Кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро очиқ турнир юқори савияда ташкил этилди.
17–19 июль кунлари бўлиб ўтган мазкур нуфузли мусобақада Осиё, Европа, Африка ва Австралия қитъаларининг 28 давлатидан 100 нафарга яқин энг кучли полвонлар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди. Шу тариқа Париж яна бир бор халқаро Курашнинг энг йирик майдонларидан бирига айланди.
Турнирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Нодир Ғаниев ҳамда Европа Кураш конфедерацияси президенти Мерампи Илиадис иштирок этиб, мазкур мусобақа йил сайин ўз нуфузи ва иштирокчилар географиясини кенгайтириб, дунё Кураш тақвимидаги энг муҳим халқаро турнирлардан бирига айланганини таъкидладилар.
Мусобақа нафақат спорт баҳслари, балки Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини намоён этувчи катта байрамга айланди. Францияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирокида ўзбек миллий ҳунармандчилиги, миллий таомлар ва халқ амалий санъати намойиш этилди. Шунингдек, ўзбек санъаткорлари иштирокидаги концерт дастурлари минглаб меҳмонлар ва Париж аҳлига ҳақиқий ўзбекона муҳитни тақдим этди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Кураш федерацияси, Халқаро Кураш ассоциацияси, Европа Кураш конфедерацияси ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида Европа давлатларида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирларни ўтказиш яхши анъанага айланди.
Ушбу лойиҳага 2022 йилда Германиянинг Франкфурт, Болгариянинг Руйен, Туркиянинг Истанбул ва Франциянинг Париж шаҳарлари мезбонлик қилди. 2023 йилда мусобақа яна Париж шаҳрида муваффақиятли ташкил этилди. 2024 йилда эса Францияда Ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилгани муносабати билан турнир Италия пойтахти Рим шаҳрига кўчирилди. Кейинги йилларда мусобақа яна Парижга қайтди ва иштирокчилар сони ҳамда нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Бугун ушбу турнир Европа қитъасида Курашни оммалаштириш, янги мамлакатларни ушбу спорт турига жалб этиш ва Ўзбекистоннинг миллий бренди сифатида Курашни дунёга кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.