«Pantera Sport Club» Қозоғистондаги турнирда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади
Учинчи бор ташкил этилган ушбу анъанавий халқаро мусобақада Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасидан 1000 нафарга яқин ёш дзюдочилар медаллар йўлида ўзаро беллашишди. Турнир тўртта ёш тоифаси — 2010-2011, 2012-2013, 2014-2015 ва 2016-2017 йилларда туғилган ўсмирлар ва кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида ташкил этилди.
Қувонарлиси, «Абилайхон Open Cup» турнирида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Бобур Ризаев ва Абдулбосит Абдуваҳобов мураббийлигидаги «Pantera Sport Club» клуби тарбияланувчилари 6 та олтин, 4 та кумуш, 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди. Қозоғистоннинг "Ippon Judo Club" ва спорт мактаб-интернати жамоалари кучли учликда жой олишди.
Ушбу ғалаба Ўзбекистон дзюдо федерациясининг устувор йўналишларни тўғри белгилаганининг ёрқин ифодаси бўлди. Бугунги кунда клуб тизимини ривожлантириш стратегик вазифа ҳисобланади: ҳар бир вилоятида замонавий ихтисослаштирилган заллар қурилган бўлиб, уларда минглаб болалар дзюдо сир-асрорларини ўрганишмоқда. Мунтазам клуб турнирлари соғлом рақобатни яратади, оммавийликни кучайтиради ва келажакдаги чемпионлар авлодини тайёрлайди.
Маълумот учун, ушбу клуб тарбияланувчиларининг аксарияти пойтахтимиздаги 102-умумтаълим мактаби ҳудудида Ўзбекистон дзюдо федерацияси ташаббуси билан бунёд этилган сэндвич панелли, ихтисослаштирилган дзюдо залида шуғулланишади.