Қозоғистонда легионер спортчиларга давлат маблағлари сарфланмайди
Қозоғистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш доирасида муҳим янгилик жорий этилди. Мамлакат туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, Президент Қосим-Жомарт Токаев томонидан 2025 йил 15 апрел куни имзоланган ва 16 июн куни кучга кирган янги қонунга асосан, давлат бюджети ҳисобидан чет эллик спортчиларнинг маоши ва таъминотини молиялаштириш тақиқланди.
Мазкур ҳужжат миллий спорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Шунингдек, қонунда профессионал спорт клубларини давлат томонидан молиялаштиришга ҳам чекловлар киритилди. Бундан мақсад — бюджет харажатларини шаффофлаштириш, клубларни хусусий ва бошқа бюджетдан ташқари манбалар орқали ривожлантиришга ундаш, шу орқали уларнинг давлатга боғлиқлигини камайтиришдир.
Қонун Қозоғистонда спорт тизимини янада мустақил, самарали ва миллий манфаатларга мос ҳолда ташкил этишга хизмат қилади.