Қозоғистон терма жамоаси мураббийлар штаби Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига ташриф буюрди
Ўзбекистон оғир атлетика федерациясида Қозоғистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Икки мамлакат ўртасидаги спорт ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашишни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган учрашув давомида меҳмонлар федерация фаолияти, спортчилар учун яратилган замонавий шароитлар ҳамда олиб борилаётган тизимли ишлар билан яқиндан танишдилар.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош котиби Олимжон Маҳмудов қозоғистонлик мутахассислар билан истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Хусусан, ҳудудий ва халқаро мусобақаларга биргаликда тайёргарлик кўриш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, спортчилар ва мураббийлар ўртасида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё оғир атлетика мактаби бугунги кунда жаҳон спортда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур учрашув икки давлат терма жамоалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, спортчилар маҳоратни ошириш ҳамда келажакдаги йирик мусобақаларда юқори натижаларга эришиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.