От спорти. Жаҳон чемпионатига яна бир йўлланма қўлга киритилди: Сопотдаги мусобақа якунланди
14-июн куни Польшанинг Сопот шаҳрида от спортинг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича CSI1* ва CSIO4* тоифасидаги халқаро мусобақалар якунга етди.
Мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдуллаев Феруз BALOUKATO лақабли отида 125 см баландликдаги тўсиқлар ўрнатилган CSI1* тоифада иштирок этди. Кучли рақобат остида кечган баҳсларда спортчимиз муносиб иштирок этиб, 11-ўринни эгаллади.
Шунингдек, шу куни Абдуллаев Абдурахмон CABALLONE лақабли отида тўсиқлар баландлиги 160см бўлган CSIO4* Гран-при йўналишида қатнашди. Мусобақа якунларига кўра, ҳамюртимиз энг кучли 20 нафар чавандоз қаторида жой олиб, 18-ўринни банд этди.
Шу тариқа, Сопот шаҳридаги халқаро мусобақалар Ўзбекистон вакиллари учун муваффақиятли якунланди. Мусобақанинг энг муҳим натижаларидан бири Абдуллаев Абдурахмоннинг жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритди. Мазкур чемпионат жорий йилнинг август ойида Германиянинг Ахен шаҳрида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Бекзод Қурбанов ҳам жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эди. Эндиликда Ахендаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини икки нафар спортчи — Бекзод Қурбанов ва Абдуллаев Абдурахмон ҳимоя қилади.
Спортчиларимизни муваффақиятли иштирок билан табриклаймиз ва бўлажак жаҳон чемпионатида уларга омад тилаймиз!