От спорти. Тўсиқлардан сақраш (show-jumping) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шарипов Акбар томонидан муҳим тарихий натижага эришилди
2025 йил мамлакатимиз спорт соҳасида бир қатор салмоқли натижалар билан ажралиб турмоқда. Жумладан, Ўзбекистон от спорти йўналишидаги ютуқлар сафи янада кенгайиб, тўсиқлардан сакраш (show-jumping) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шарипов Акбар томонидан муҳим тарихий натижага эришилди.
Шарипов Акбар жорий йил давомида ўтказилган расмий мусобақалардаги барқарор ва юқори кўрсаткичлари натижасида белгиланган мезонларни тўлиқ бажарган ҳолда “Спорт устаси” унвонига сазовор бўлди.
Мазкур унвон спортчининг профессионал маҳорати, масъулиятли ёндашуви, шунингдек, Ўзбекистон от спорти мактабининг изчил ривожланаётганини тасдиқловчи муҳим кўрсаткич сифатида эътироф этилади.
Келгусида Шарипов Акбар халқаро майдонларда иштирок доирасини кенгайтириш, мураккаб рейтинг мусобақаларида қатнашиш ҳамда тажрибасини ошириш орқали “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонини қўлга киритишга йўналтирилган тайёргарликни давом эттиради.
Маълумот учун:
Тўсиқлардан сакраш от спортнинг техник ва мураккаб турларидан бири бўлиб, унда спортчидан юқори маҳорат, аниқ бошқарув, тезкор қарор қабул қилиш ва от билан узвий ҳамкорлик талаб этилади.