От спорти. Абу-Дабида Arabian Tour халқаро спорт мусобақаси босқичи бўлиб ўтди
15–18-январ кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида профессионал спортчилар ва турли мамлакатлардан келган расмий вакилларни бирлаштирган Arabian Tour халқаро спорт мусобақаси босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу турнирда Ўзбекистон номидан Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси президенти Ғозиев Баҳромжон Валиевич ҳамда човкен бўйича вице-президент Гузал Фуркатовна Ирматова расмий вакиллар сифатида иштирок этдилар.
Arabian Tour — Яқин Шарқ мамлакатларида ўтказиладиган нуфузли мусобақалар серияси бўлиб, юқори даражадаги ташкилий ишлар, замонавий спорт майдонлари ва халқаро иштирокчилар таркиби билан ажралиб туради. Турнир спортни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақанинг спорт салоҳиятини жаҳон миқёсида тарғиб этишга хизмат қилади.
Шу каби нуфузли ва халқаро миқёсдаги мусобақалар келгусида Ўзбекистонда ҳам ўтказилиши, мамлакатимизда от спорти ва йилқичилик соҳасининг янада ривожланиши, ёш спортчилар учун янги имкониятлар яратилишига хизмат қилишини ишонч билан айтиб ўтамиз.