От спорти. Аахендаги Жахон Чемпионати: Ўзбекистон от спорти тарихида янги саҳифа
2026-йил 17–23-август кунлари Германиянинг Аахен шаҳрида от спортинг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича Жахон чемпионати бўлиб ўтди. Дунёнинг энг кучли чавандозлари бир ҳафта давомида жахон чемпиони унвони учун баландлиги 165 см гача бўлган мураккаб йўналишларда беллашдилар.
Мазкур мусобақа Ўзбекистон от спорти тарихида алоҳида ўрин эгаллади. Чунки илк бор Жахон чемпионатида мамлакатимиз шарафини бир вақтнинг ўзида икки нафар спортчи ҳимоя қилди — Бекзод Қурбанов — Маттс VG ҳамда Абдурахмон Абдуллаев Caballone лақабли отлари билан иштирок этди.
Бу наfaқат спорт натижаси, балки тарихий воқеадир. Ўзбекистон терма жамоа аъзоларининг дунёдаги энг нуфузли мусобақада қатнашиши мамлакатимизда от спорти изчил ривожланиб бораётганининг яққол исботидир. Спортчиларимиз жахон аренасида Ўзбекистон байроғини муносиб ҳимоя қилиб, миллий от спорти тарихида янги саҳифа очдилар.
Уларнинг иштироки келажак авлод спортчилари учун катта мотивация бўлиб хизмат қилади. Бу ютуқ ортида йиллар давомида олиб борилган меҳнат, тайёргарлик ва фидойилик мужассам.
Мусобақа якунларига кўра, Швейцария вакили Стив Герда Dynamix de Belheme лақабли оти билан жахон чемпиони бўлди. Белгиялик Тибо Спитс — Impress-K van’t Kattenheye Z лақабли оти билан кумуш медални қўлга киритган бўлса, Буюк Британия вакили Гарри Чарльз — LT Holst Freda оти билан бронза медалга сазовор бўлди.
Бекзод Қурбанов ва Абдурахмон Абдуллаевнинг ушбу чемпионатдаги иштироки Ўзбекистон от спорти тарихида унутиш мумкин бўлмаган воқеа сифатида қолади. Улар бугун тарих яратдилар ва бу тарих келажакдаги янада йирик муваффақиятлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.