От спорти. 2026-йил январ ойидан Тошкент шаҳри нуфузли халқаро тадбирларига мезбонлик қилади
2026-йил январ ойидан Тошкент шаҳри нуфузли халқаро тадбирларига мезбонлик қилади.
Хусусан, 2026-йил 25–26–27-январ кунлари Тошкент шаҳрида Осиё Олимпия Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ташкилий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 24-январ куни Президентнинг спорт масалалари бўйича вакили Абдураҳмонов Одил Қаландарович бошчилигида Zoom платформаси орқали йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда спорт ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳоким ўринбосарлари, ҳудудий спорт бошқармалари бошлиқлари, федерацияларнинг вице-президентлари ва бош котиблари, Спорт вазири ўринбосарлари, шунингдек Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг биринчи вице-президенти Ш. Султонов ҳамда бош котиби А. Шодихўжаев иштирок этди.
Йиғилиш давомида Осиё Олимпия Кенгаши доирасида ташриф буюрадиган нуфузли меҳмонлар ҳамда халқаро Осиё федерациялари раислари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирилаётгани қайд этилди.
Ушбу меморандумларда илмий изланишлар олиб бориш, ўқув ва ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, халқаро даражадаги машғулотлар, Осиё миқёсида юқори натижаларга эришган тажрибали мураббийларни жалб қилиш, шунингдек Ўзбекистонда от спорти ва бошқа спорт турларини янада ривожлантириш каби устувор мақсадлар белгиланиб олинди.