Остона — Кураш дунёси бирлашадиган манзил
Остона — Кураш дунёси бирлашадиган манзил
Кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионати жорий йил 4–9 ноябрь кунлари Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтади.
Мазкур йирик халқаро спорт тадбири дунёнинг турли мамлакатларидан энг кучли курашчилар, мураббийлар, ҳакамлар, миллий федерациялар раҳбарлари ва спорт мутахассисларини бир майдонга жамлайди.
Бу Қозоғистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакат тарихида илк бор Кураш бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилаётган Остона бир неча кун давомида жаҳон Кураш оиласининг марказига айланади.
Жаҳон чемпионати Жақсилиқ Үшкемпіров номидаги Яккакураш саройида ўтказилади. Мусобақа дастуридан эркаклар ва аёллар ўртасидаги барча вазн тоифалари бўйича беллашувлар, очилиш маросими, ярим финал ва финал баҳслари ҳамда тақдирлаш маросимлари ўрин олган.
Остонадаги Жаҳон чемпионати фақат спорт беллашувлари билан чекланиб қолмайди. Анъанага мувофиқ мусобақа доирасида Халқаро Кураш ассоциациясининг Бошқарув қўмитаси йиғилиши ва XXII навбатдаги Конгресси ўтказилади. Уларда Курашни жаҳон миқёсида янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва спорт турининг келгуси тараққиёт устуворликлари муҳокама қилинади.
Шунингдек, тадбирлар дастуридан ИКА антидопинг семинари, ҳакамлик ва мураббийлик семинарлари ҳамда халқаро ҳакамлик имтиҳонлари ўрин олган. Жаҳон чемпионати WSP рейтинги учун қимматли очколарни тақдим этади.
Ташкилотчилар томонидан кутиб олиш ва кузатиш, меҳмонхона, овқатланиш ҳамда мусобақа ва машғулотлар жойларига транспорт хизмати каби зарур шароитлар бўйича тайёргарлик жараёнлари олиб борилмоқда. Расмий делегациялар King Hotel меҳмонхонасида жойлаштирилади.
Қозоғистон Кураш федерацияси Президенти Андрей Боргенс – Мамлакат учун ушбу чемпионатни қабул қилиш катта масъулият билан бирга, Қозоғистоннинг йирик халқаро спорт мусобақаларини юқори ташкилотчилик даражасида ўтказиш салоҳиятини намоён этиш учун муҳим имконият эканлигини эътироф этди.
Айни вақтда иштирокчиларни рўйхатга олиш “IKA Registration system” орқали амалга оширилмоқда.
Рўйхатга олишнинг якуний муддати 4 октябрь куни якунланади.