Осиё волейбол конфедерацияси билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилмоқда
Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Осиё волейбол конфедерацияси президенти Рамон Сузара бугун Спорт вазирлигига ташриф буюрди.
Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ички ишлар вазири, Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси Азиз Тошпоʻлатов ҳамда Осиё волейбол конфедерацияси президенти Рамон Сузара бошчилигидаги делегация иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида мамлакатимизда волейбол спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, спортчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида хорижий меҳмонга батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, мазкур спорт турини ёшлар орасида оммалаштириш, профессионал спортчиларнинг тайёргарлик жараёнларини хориж тажрибаси асосида такомиллаштириш, мураббий ва ҳакамлар иштирокида турли семинар ва тадбирлар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
ОВК президенти жаноб Рамон Сузара Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг натижалари мусобақалардаги ютуқлар орқали яққол намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлади.