Осиё оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Бугун Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати доирасида Осиё оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилди.
Тадбир Осиё оғир атлетика федерацияси Президенти Mohammed Yousef Almana раҳбарлигида ўтказилди. Унда федерация Бош котиби Mohammed Ahmed Alharbi, фахрий меҳмон сифатида Халқаро оғир атлетика федерацияси Президенти Muhammad Jalud, Ижроия қўмитаси аъзолари, аъзо мамлакатлар миллий федерациялари раҳбарлари ва мутасаддилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қасимов қатнашди.
Йиғилиш кун тартибидан Осиё оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг аввалги йиғилиши баённомасини кўриб чиқиш, 2027-йилда Корея Республикасида ўтказиладиган Осиё чемпионати, Японияда бўлиб ўтадиган XX Осиё ўйинлари, Саудия Арабистонида ташкил этиладиган Ёпиқ иншоотлар ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларига тайёргарлик ҳамда бошқа долзарб масалалар ўрин олди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қасимов томонидан Осиё оғир атлетика федерацияси Президенти Mohammed Yousef Almana жанобларига "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони топширилди.
Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, Осиё қитъасида оғир атлетикани ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш бўйича устувор вазифалар белгиланиб олинди.