Осиё қитъаси оғир атлетикада етакчилигини яна бир бор исботлади
Норвегиянинг Førde шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати Осиё спортчилари куч, техника ва маҳоратда дунёда етакчи мавқега эга эканини яна бир бор яққол кўрсатди.
Мусобақалар 10 кун давом этди ва унда беш қитъадаги 412 нафар спортчи иштирок этди. Энг кўп иштирокчилар Европа ва Осиё қитъаларидан бўлиб, улар жами қатнашчиларнинг 70 фоизидан ортиғини ташкил этди.

Чемпионат якунланганда жами 144 та медаль — 48 та олтин, 48 та кумуш ва 48 та бронза медаль ўз эгаларига топширилди. Унда Осиё спортчилари мутлақ устунлик кўрсатиб, 78 та медаль, жумладан 32 та олтин медални қўлга киритишди. Бу эса умумий медалларнинг ярмидан кўпини ташкил этади. Европа жамоалари 24 та медаль билан чемпионатни якунлади, Панамерика мамлакатлари — 31 та медаль, Африка — 9 та, Океания эса атиги 2 та медаль олди.
