Осиё ўйинлари – 2026: Кураш беллашувлари вақти ва вазн тоифалари эълон қилинди
Япониянинг Айчи ва Нагоя шаҳарларида 2026 йил бўлиб ўтадиган ХХ-Ёзги Осиё ўйинлари сари тайёргарлик ишлари қизғин тус олган. Қитъамизнинг энг нуфузли спорт анжумани саналган мазкур мусобақада Кураш спорт тури яна бир бор ўз ўрнини топиши, унинг миллий ва халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Бугун Осиё Олимпия Кенгаши (ОКА) ва барча спорт турлари бўйича техник директорлар иштирокида муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мусобақаларнинг аниқ саналари, вазн тоифалари, ўтказилиш жойлари ҳамда ташкилий жиҳатлар батафсил муҳокама қилинди.

Қайд этиш лозимки, Кураш бўйича мусобақаларда эркаклар ва аёллар учун учтадан вазн тоифаси тасдиқланди. Бу қарор, асосан, умумий иштирокчилар сонини чеклаш мақсадида қабул қилинди. Ташкилий қўмита дастлаб 13 000 нафар спортчи учун инфратузилма яратиш имконияти йўқлигини маълум қилган ва натижада умумий иштирокчилар сонини 10 000 нафарга қисқартиришга қарор қилинган. Бу ўзгариш Кураш, Карате ва Ушу каби спорт турларида вазн тоифалари сонининг қисқаришига олиб келди.

Мусобақада иштирок этувчи Курашчилар Япониянинг Нагоя шаҳрида жойлашадиган махсус круиз кемаcида бошқа спорт турлари вакиллари билан биргаликда яшашади. Ушбу суювчи меҳмонхонада 5000 нафарга яқин спортчи ва расмий делегация аъзолари учун шароит яратилади.

Кураш бўйича беллашувлар 2026 йил 27, 28 ва 29 сентябрь кунлари ўтказилади. Беллашувлар Айчи префектурасининг жанг санъатларига ихтисослаштирилган мажмуасида бўлиб ўтади. Ушбу арендада Жиу-житсу, Отишма, Ушу ва бошқа жанг санъатлари бўйича мусобақалар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими 19 сентябрь куни, ёпилиш маросими эса 4 октябрь куни бўлиб ўтади. Ташкилотчилар ушбу маросимларда 35 000 нафарга яқин меҳмон иштирок этишини кутмоқда.
Кураш бўйича ХХ-Ёзги Осиё ўйинлари доирасидаги расмий вазн тоифалари қуйидагича белгиланди:
• Аёллар: –57 кг, –78 кг, +87 кг
• Эркаклар: –66 кг, –81 кг, +90 кг