Осиё чемпионати: Вохидов ва Якуббоев марказий учрашувларда, аёллар термасига 6-тур омадсиз келди
Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича Осиё чемпионати қизғин давом этмоқда. Мукофот жамғармаси 80 000 АҚШ доллари бўлган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси кенг таркибда иштирок этмоқда. Қитъа чемпионатининг эркаклар баҳсларида 33 мамлакатдан 156 нафар, аёллар мусобақасида эса 23 давлатдан 101 нафар шахматчи медаллар учун беллашмоқда.
Бугун, 13 май куни 7-тур учрашувлари ўтказилади. Унда Шамсиддин Вохидов қора доналарда хитойлик халқаро мастер Янг Зилонгга қарши ўйнайди. Нодирбек Якуббоев ҳам қора доналарда Хитой вакили Даи Чангренга қарши кураш олиб боради. Мадаминов эса оқ доналарда ҳиндистонлик Лука Мендонкага қарши доска ортига чиқади.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса 6-тур терма жамоамиз учун омадсиз якунланди. Ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик Вантика Агравалга ютқазди.
Бир вақтлар АҚШ терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган, ҳозирда Ўзбекистон сафида тўп сураётган Гулруҳбегим Тоҳиржонова ўзининг камбэкини ушбу чемпионатда амалга оширмоқда. У 6-турга келиб илк мағлубиятини қабул қилди — қора доналарда ҳиндистонлик Нандҳидҳага имкониятни бой берди.
Шунингдек, бу турда Нодира Нодиржонова, Гулдона Каримова, Нилуфархон Имомқўзиева, Барчиной Шокиржонова, Рукия Олимова, Зилола Актамова ва Лилия Белая ҳам мағлуб бўлишди.
Ғалаба қозонганлар сафида эса Умида Омонова, Одина Олимова, Маржона Маликова, Мадинабону Халилова ва Асал Салимова бор. Моҳим Ўрозмуҳаммедова филиппинлик рақибасига қарши беллашувда дуранг натижасига эришди.